United Nations Welcome to the United Nations. It's your world.

Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида муҳим ташаббусларни илгари сурди

Date: 
Friday, 24 September 2021

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида 21 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси доирасидаги умумий мунозаралар бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев видеомурожаат билан сўзга чиқди.

76-сессиянинг раиси Абдулла Шаҳид раиси бошчилигида ўтказилаётган мунозараларнинг биринчи кунида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, аъзо давлатлар етакчилари - Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Бразилия Федератив Республикаси Президенти Жаир Болсонару, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раиси, Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Польша Республикаси Президенти Анджей Дуда, Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси, Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ҳамда Америка, Европа, Осиё ва Африканинг бошқа давлатлари раҳбари иштирок этди.

БМТга аъзо давлатлар делегациялари глобал ва минтақавий хавфсизлик, COVID-19 пандемияси шароитида барқарор тараққиёт ва унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини енгиб ўтиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришнинг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида янги шароитларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмаларининг аҳамияти ва ўрни тобора ортиб бораётганини қайд этди.

- Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга трансмиллий таҳдидлар тобора кучаймоқда, иқлим жадал ўзгармоқда, оммавий миграция оқимлари кўпаймоқда, анъанавий қадриятлар завол топмоқда.

Жаҳон тақдири билан боғлиқ ушбу муҳим жараёнларда aйнан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг етакчилик ролини янги мазмун ва сифат билан давом эттириши зарур. Биз Бош котибнинг халқаро муносабатлар тизимида ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, ташкилот фаолиятининг самарадорлигини ва шаффофлигини оширишга қаратилган  ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз, - деди Ўзбекистон етакчиси.

Президентимиз БМТнинг “ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик”, деган тамойил асосида вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратишга доир саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлади.

- Биз пандемияларга қарши самарали курашда вакцинация натижаларини халқаро миқёсда тан олиш жараёнларида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мувофиқлаштирувчи ролини  янада кучайтириш тарафдоримиз. Ўзбекистон Республикасининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва Бош Ассамблеянинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги Кодекс бизнинг бу борадаги амалий ҳиссамиздир, - дея давом эттирди Президент.

Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ва жадал демократик ислоҳотлар бугунги кунда ортга қайтмас тус олганини таъкидлади.

- Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш демократик ислоҳотларимизнинг асосини ташкил этмоқда. Сўз ва оммавий ахборот воситалари, дин ва виждон эркинлигини, гендер тенгликни, миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида қатъий қадамлар ташланмоқда, - деди Президент. 

Иштирокчиларнинг эътибори бош ғояси фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камбағалликни камайтириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда барқарор экологик ривожланишга эришишдан иборат Янги Ўзбекистон стратегияси ишлаб чиқилганига қаратилди. 

- Асосий мақсадимиз – 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар миқдори бўйича “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришдир. Бу режамиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари руҳига уйғун эканини таъкидлаш лозим, - деди Ўзбекистон етакчиси.

Шу маънода пандемиядан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш муаммоларини ўрганиш, камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этишга бағишланган халқаро конференцияни Тошкентда ўтказиш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари глобал ҳаракатларга ёшларни жалб этиш бўйича Бутунжаҳон конференцияси мамлакатимизда муваффақиятли ўтказилганини таъкидлади ҳамда ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг давоми сифатида Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари мулоқотлари доирасида Глобал таълим форумини ташкил этиш режалаштирилганини маълум қилди.

Президентимиз Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги мутлақо янги сиёсий муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар қатъий давом эттирилишини таъкидлади.

- Бизнинг асосий мақсадимиз – Марказий Осиёни фаровон ва барқарор ривожланаётган, ишонч ва дўстлик маконига айлантиришдир. Бунинг учун биз қўшни ва ёндош минтақалар билан ўзаро алоқаларни кучайтиришга устувор аҳамият қаратмоқдамиз, - деди Ўзбекистон етакчиси.

Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурган ҳақида маълум қилинди. Шу муносабат билан Афғонистон Марказий Осиёнинг узвий қисми экани  яна бир бор таъкидланди.

- Бу давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан  нафақат биз, қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир. Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас. Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозим, - деб таъкидлади Президент.

Ўзбекистон етакчиси дунёда хавф-хатар ва зиддиятлар, трансмиллий таҳдидлар тобора ортиб бораётганига эътибор қаратди. Шу йил ноябрь ойида Тошкентда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси Марказий Осиё учун режасининг ўн йиллик натижалари ва истиқболларига бағишланган  Халқаро конференция ўтказилиши халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон томонидан иқлим ўзгаришларига қарши кураш, атроф-муҳит ва био хилма-хилликни муҳофаза қилиш, тикланадиган энергия манбаларига ўтиш масалаларида кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталди.

- Бу нафақат бугунги, балки келажак авлодлар олдидаги эзгу инсоний бурчимиздир, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу йил май ойида БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги  махсус резолюцияси қабул қилингани Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари самара бераётганини тасдиқлайди.

Экология борасидаги чораларнинг мантиқий давоми сифатида 2022 йили Оролбўйи ҳудудида, Нукус шаҳрида  «яшил» энергетика бўйича БМТ билан ҳамкорликда юқори даражадаги халқаро форум ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Шу билан бир қаторда БМТ шафелигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йилда Ўзбекистонда Атроф-муҳит бўйича БМТнинг юқори даражадаги  Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклиф этилди.

- Ассамблея иштирокчилари Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган, экологик офат маркази бўлган, Оролбўйи минтақасидаги оғир вазият билан бевосита танишиш ва зарур хулосалар чиқариш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, атроф-муҳит бўйича Ассамблеяда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология Хартиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурмоқчимиз, - деди Ўзбекистон етакчиси.

Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида Ўзбекистон дунёнинг барча давлатлари ва глобал ташкилотлар билан ўзаро манфаатли, узоқ муддатли ва кўпқиррали шерикликни ривожлантиришга доимо тайёр эканини таъкидлади. Мамлакатимиз хавфсиз ҳамда барқарор ўсиш, фаровон келажакни барпо этишга қаратилган яқин ҳамкорликни бундан кейин ҳам кучайтириб боравериши қайд этилди.